Фарғона вилояти Данғара туманида 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотишга уринган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Қайд этилишича, 16 июнь куни шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Данғара тумани “Чағали” қишлоғида Т.Б. ва А.А. исмли шахслар бир гуруҳ бўлиб, 11 минг АҚШ доллари эвазига 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, гиёҳвандлик воситаси далилий ашё тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу моддада назарда тутилган жиноятни содир этган шахс 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Гиёҳванд моддалар савдоси
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, шунингдек, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)