Бухоро вилоятида жанговар ўқ-дорилар ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди, деб хабар беради ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида жойлашган “Олот-автойўл” халқаро ўтказиш пунктида чегарачилар томонидан хизмат ити ёрдамида божхона ходимлари билан ҳамкорликда кириш йўналишида ҳаракатланиб келаётган Ўзбекистон фуқароси С.А. бошқарувидаги DAF русумли юк транспорт воситаси кўрикдан ўтказилган.
Текширув давомида юк машинаси тиркамасига ортилган жами 8 дона енгил автомашина орасидан, давлат рақамисиз, русуми Hyundai Elantra бўлган автомашинанинг орқа ўриндиғи ва захира ғилдираги орасидан 1 дона картон қутида 43 дона жанговар патрон яшириб қўйилгани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда қуролдан фойдаланиш тартиби
Ўзбекистонда “Қурол тўғрисидаги” қонун 2019 йил 29 июлда Президент томонидан имзоланган. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш бўйича фаолият фақат Ўзбекистон ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Ўзбекистонда ноқонуний сақланган қуролларни ўз ихтиёри билан ИИВга топширганларга пул мукофоти берилади.
2022 йилда “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, прокуратура органлари ходимлари хизмат қуроли ва шахсий ҳимоя воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганди (илгари фақатгина олиб юриши мумкинлиги кўрсатилган).
Изоҳ (0)