Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Американинг Мета компанияси 6 июлга ўтар кечаси Twitter’нинг асосий рақобатчисига айланиши кутилаётган Threads матнли сервисини ишга туширди.
Янги сервиснинг интерфейси кўп жиҳатдан Twitter’га ўхшаш бўлиб, унда максимал 500 та белгили хабарларни, шунингдек, фотосуратлар ва 5 дақиқагача бўлган видеоларни жойлаштириш мумкин.
6 июлдан бошлаб дастурни 100 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада ва Японияда App Store ва Google Play’дан юклаб олиш мумкин. Threads Россияда ҳам мавжуд, бироқ у фақат VPN ёрдамида ишлаётгани айтилмоқда.
Сервис ҳозирча Европа Иттифоқида ишламайди. Instagram бош директори Адам Моссерининг The Verge нашрига айтишича, бунга сабаб — Европада 2024 йилда кучга кириши керак бўлган баъзи қонунлар. Шунга қарамай, компания ЕИда сервисни ишга тушириш режаларидан воз кечгани йўқ, шу билан бирга Моссер бунга кўпроқ вақт кераклигини айтди.
Мета асосчиси Марк Цукербергнинг сўзларига кўра, дастур ишга туширилган дастлабки тўрт соат ичида унда беш миллиондан ортиқ аккаунт рўйхатдан ўтган.
Янги ижтимоий тармоқда ушбу ҳавола орқали “Дарё” нашрининг расмий саҳифасини кузатиб боришингиз мумкин.
- Threads’нинг ишга туширилиши сўнгги кунларда Twitter’да кузатилаётган ўзгаришлар билан боғлиқ. Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск ижтимоий тармоқни сотиб олганидан кейин пуллик обунага эътибор қаратмоқда. Бу эса Twitter фойдаланувчиларининг танқидига сабаб бўлмоқда.
Изоҳ (0)