Нидерландия ҳукумати 2024 йил 1 январидан мактаб ўқувчиларига махсус сабабларсиз дарсларга мобил телефон олиб киришни тақиқламоқчи. Талаб қонуний ҳужжат эмас, балки кўрсатма шаклида белгиланади.
Расмийларга кўра, синфдаги мобил телефонлар, планшетлар ва ақлли соатлар ўқувчиларни чалғитади, бу эса уларнинг академик кўрсаткичлари учун ёмон, деб ёзади Algemeen Dagblad нашри. Электрон ускуналардан фақат дарсда фойдаланиш учун зарур бўлганда ва тиббий сабабларга кўра рухсат берилади.
“Мобил телефонлар ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлишига қарамай, синфда уларга ўрин йўқ. Ўқувчилар диққатини жамлай олиши ва яхши ўқиш имкониятига эга бўлиши керак. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мобил телефонлар бунга халақит қилади”, — деди Нидерландия таълим вазири Робберт Дейкграафф.
Унга кўра, таъқиқга қандай амал қилишни мактабларнинг ўзлари ҳал қилади. Шу билан бирга, агар 2024 йилнинг ёзига қадар тақиқ бўйича ҳаракатлар натижа бермаса, қонуний чоралар кўрилади.
Изоҳ (0)