Бугун, 4 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш инобатга олинмоқда.
Қонунчилик палатаси қўмита аъзоси Орипов Давроннинг таъкидлашича, вояга етмаган шахс жиноят содир этса, унга бир марта имкон берилади.
“Яъни 18 ёшга тўлгунча содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади. Бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлгандан кейин 18 ёшга етгунча қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно”, — деди у.
Қонун билан вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Мажлисда Жиноят кодексига вояга етмаганлар учун озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазолари 1 ойдан 2 йилгача этиб ўзгартириш киритилиши айтилди.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилиши таъкидланди.
Изоҳ (0)