Тошкент шаҳрида 3 июль куни Маданият ва туризм вазирлигида 32 та туман (шаҳар) маданият ва туризм бўлимига Damas автомобили топширилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг айтишича, ўтган 30 йилда маданият ва туризм бўлимларига автомашина берилмаган.
“Оддий методист лавозимидан ўттиз йил давомида поғонама-поғона кўтарилиб келганман, лекин бунақаси бўлмаган. Қайсидир вилоятда ёки туманларда маданиятни, санъатни тушунган одамлар ўз ҳудудига автомашина ёки овоз кучайтиргич мосламалари, мусиқий жиҳозлар берган бўлиши мумкин. Лекин умумий тарзда бутун республикага санъаткорларни тадбирларга автоуловларда олиб бориш учун шарт-шароит яратиш мақсадида барча туманлардаги маданият марказларини автоулов билан таъминлаш тўғрисидаги қарор ҳеч қачон чиқмаган”, — деди вазир ўринбосари.
Унинг қўшимча қилишича, 2023 йил якунига қадар қўшимча равишда яна 70 дан ортиқ Damas топшириш режалаштирилган.
“Келгуси 2024 йилнинг охиригача барча маданият муассасалари автоуловлар билан таъминланади”, — деди Баҳодир Аҳмедов.
Аввалроқ Баҳодир Аҳмедов урушни очиқдан очиқ қўллаб-қувватловчи санъаткорларнинг Ўзбекистонда концерт қўйишлари юзасидан изоҳ берган эди.
Изоҳ (0)