Фаластин Исроилнинг Женинда бошлаган “аксилтеррор” операцияси муносабати билан чақирилган фавқулодда ҳукумат йиғилишидан кейин Исроил томони билан барча алоқаларни узиши ҳақида маълум қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича берилган баёнотда фаластинликларнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи яна бир бор тасдиқланди. Фаластин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиб, ундан:
- Иордан дарёси Ғарбий соҳилида Исроил томонидан аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатиш тўғрисидаги резолюциянинг ижросини;
- Фаластин халқини халқаро даражада ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюциясининг ижросини;
- бир томонлама чораларни тўхтатишни;
- Тель-Авивга нисбатан санкциялар қўллашни талаб қилмоқчи.
Бундан ташқари, Фаластин Исроилнинг БМТдаги аъзолигини тугатишни сўрамоқда.
Йиғилишдан сўнг Фаластин раҳбарияти Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги кескинликни тўхтатиш мақсадида 2023 йилда Ақаба ва Шарм аш-Шайхда тузилган келишувлар Тель-Авив томонидан бузилгани, шу сабабли улар ўз кучини йўқотганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Фаластин томони Вашингтон билан муносабатларни чеклашга қарор қилди. Мамлакат, шунингдек, Балфур декларацияси бўйича АҚШ ва Буюк Британияни судга бериш, улардан узр ва товон талаб қилишни режалаштирмоқда.
Балфур декларацияси — 1917 йилнинг 2 ноябрида Буюк Британия ТИВ раҳбари Артур Балфурнинг лорд Уолтер Ротшилдга йўллаган расмий мактубидир. Унда Фаластин ҳудудида яҳудийлар учун ер ажратиш мақсади келтирилган. Бир неча ойлардан кейин бу декларацияни Франция, Италия ва АҚШ қўллаб-қувватлайди, 1920 йилнинг 24 апрелида декларация тасдиқланади.
2 июль куни Исроил армияси Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган Фаластиннинг Женин шаҳрида йирик ҳарбий операция бошлади. Армия ўндан ортиқ авиазарбалар уюштириб, кучларини қирғоқ шимолига йўналтирди. Исроил армияси бош матбуот котиби Даниэль Хагарининг айтишича, ҳозирда операция Женин шаҳрида ўтказилмоқда, бироқ кейинчалик у бошқа шаҳарларга, хусусан, Женин билан чегарадош Самарияга ҳам кўчиши мумкин.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, 3 июль оқшомига келиб, амалиёт чоғида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 10 нафарга етган. Қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Жениндаги қочқинлар лагеридан 500 дан ортиқ фаластинлик оилалар эвакуация қилинмоқда, деб маълум қилди Қизил ярим ой жамияти вакили Аҳмад Жабрил. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар 70 дан ортиқ ярадорга тиббий ёрдам кўрсатган, улардан 20 нафарининг аҳволи оғир.
Изоҳ (0)