“Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немов Чеченистонда ҳужумга учради. Милашина ва Немов ўтирган машина аэропортдан Грознийга кетаётган вақтда ниқобли одамлар уларнинг йўлини тўсган, деб ёзади “Новая газета”. Милашина ва Немов қаттиқ калтакланган, уларнинг техника ва ҳужжатлари йўқ қилинган.
“Мемориал” хабарига кўра, журналист ва адвокатни тепкилашган, юзига уришган, бошига қурол ўқталиб, ўлим билан қўрқитишган. Уларни калтаклаш давомида босқинчилар “Сизларни огоҳлантирдик. Бу ердан кетинглар, ҳеч нарса ёзманглар” дейишган.
Немов гапириш ва ҳаракатланишга қийналмоқда, Милашинанинг бармоқлари синган, вақти-вақти билан ҳушини йўқотяпти, дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти баёнотида. Улар касалхонага етказилган, ногиронлар аравачасида ҳаракатланмоқда.
Милашина ўтган йилнинг февраль ойида Чеченистон расмийларидан таҳдидлар олганини, шу сабабли Россияни вақтинча тарк этганини айтганди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров журналистни “Чеченистон ва чеченлар мавзусида пул топаётган террорчи” деб атаган.
Бу сафар адвокат ва журналист Грознийга чеченистонлик мухолифатчиларнинг онаси устидан суд ҳукми ўқилишида қатнашгани келган эди.
Изоҳ (0)