Арканзас аэропортида бўрон вақтида қўнган American Eagle самолётини икки марта чақмоқ урди. Воқеа акс этган видеони Daily Mail нашри чоп этди. Таъкидланишича, воқеа Embraer E175 лайнери учиш-қўниш йўлагида пайти содир бўлган. Самолётга тегишидан аввал ҳам ерга бир неча бор яшин тушган.
Чақмоқ самолётнинг дум қисмига урилган. Гувоҳлар ҳодисани ҳайқириқлар билан кузатган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, самолётга ҳам шикаст етмаган, техник носозликлар бўйича текширувдан ўтгач, лайнер чиқиш жойига хавфсиз тарзда етиб келган.
Самолётни чақмоқ уриши қанчалик хавфли?
Статистика маълумотларига кўра, ўртача олганда, ҳар битта тижорат самолётига бир йилда бир марта чақмоқ уриши тўғри келади. Учувчилар ҳар уч минг соат парвоз чоғида бир марта яшин зарбасига дуч келиши мумкин.
Чақмоқ уриши йўловчилар ва самолётлар учун деярли хавфли эмас. Йўловчилар ишончли даражада ҳимояланган, чунки самолёт электр токини яхши ўтказадиган алюминийдан ясалган деярли мукаммал Фарадей қафасидир (ушбу қафас электр токини эркин ўтказадиган ёпиқ қобиқдан иборат бўлиб, ташқи электр заряди қафаснинг юзасидан “ўтади” ва ичкаридаги нарсаларга таъсир қилмайди).
Самолётга етадиган зарар яшин қаерга урилиб, қаердан “чиқиб кетиши”га, шунингдек, унинг қувватига боғлиқ. Одатда яшин самолёт бурни, двигателларнинг олд қисми, қанот учлари ва горизонтал стабилизатор яқинига келиб уради ва қайтиб кетади.
Изоҳ (0)