АҚШда Вьетнам уруши ҳақидаги махфий ҳужжатларни ошкор қилган Даниэль Эллсберг вафот этди, деб хабар бермоқда Euronews.
У 92 ёшида вафот этди. Февраль ойида Эллсберг ошқозон ости бези саратони билан касаллангани маълум бўлганди.
АҚШ ҳукумат-ҳарбий элитасининг юқори мартабали аъзоси бўлган Эллсберг АҚШнинг Вьетнам урушидаги (1955—1975) иштироки тўғрисидаги Пентагоннинг махфий ҳужжатларидан нусха кўчирган ва Америка оммавий ахборот воситаларига топширган. 1970 йилларнинг бошларида бу нашрлар оммавий резонансга сабаб бўлган. Ҳокимиятдагилар ОАВдаги материалларни суд орқали таъқиқлашга уринган, аммо охир-оқибат Олий суд журналистлар фойдасига қарор чиқарган.
Миллионлаб америкаликлар, жумладан ҳукумат ичидаги кўплаб кишилар сингари Эллсберг ҳам Вьетнам урушига қарши чиққанди. У ҳукуматни Шимолий Вьетнамнинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган жануб устидан ғалабаси бутун минтақага коммунизмни ёйиши ҳақида огоҳлантирган.
Пентагон ҳужжатлари биринчи марта 1971 йил июнь ойида The New York Times газетасида, кейинроқ The Washington Post, Associated Press ва ўндан ортиқ бошқа газеталарда чоп этилган.
Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Генри Kиссинжер Эллсбергни “Америкадаги энг хавфли одам” деб атаганди.
Изоҳ (0)