Қирғизистон президенти Садир Жапаров 16 июнь куни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди. Бу ҳақда “AKIpress” хабар берди.
Маҳмуд Аббос Республикага ташрифи олдидан Пекинда Си Цзиньпин билан учрашганди. Учрашувда Хитой раҳбари Исроил—Фаластин конфликтини ҳал қилиш бўйича учта таклиф берганди.
Садир Жапаров ва Маҳмуд Аббос икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва қўшма ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилган. Қирғизистон қардош Фаластин давлати билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани айтилган.
Жапаров Қирғизистон араб дунёси билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётгани ва халқаро майдонда ҳамиша Фаластинни қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади. Бунинг бир қисми сифатида Қирғизистон Фаластин билан БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти платформаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бундан ташқари, Жапаров Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд Ал-Маликийнинг август ойига мўлжалланган Қирғизистонга расмий ташрифини юқори баҳолаган.
Маҳмуд Аббос самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон Фаластин учун қардош ва дўст давлат эканини айтди.
Бундан ташқари, Маҳмуд Аббос Фаластин Қирғизистонда ўз элчихонасини очишга ва Фаластин халқаро ҳамкорлик агентлигини Қирғизистон томони билан алоқа ўрнатишга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)