Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги савдо комплексида 12 июнь куни содир бўлган ёнғин бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.

ФВВ берган маълумотга кўра, 12 июнь куни соат 19:17 да Қўқон шаҳар Байналмилал кўчасида жойлашган “Буюк ипак йўли” савдо комплекси ҳудудидаги дўкон расталарида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга асосан 10 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 19:25 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин 20:25 да қуршаб олиниб, соат 23:30 да бартараф этилган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)