Ўзбекистонда боғча болалари ва шифохоналардаги беморлар кунлик рационига асал маҳсулоти киритилади. Бу ҳақда “Асаларичилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва шифохоналардаги беморларнинг кунлик истеъмол рационига асал маҳсулотини киритиш масаласи кўриб чиқилади.
Ҳар йили 1–10 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Асал байрами” ва “Асаларичилик маҳсулотлари” халқаро кўргазмаси ўтказиб борилади.
Асаларичилик субъектларининг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерацияси томонидан ташкил қилинадиган кўргазма ва конференцияларда доимий иштирок этишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Шунингдек, 2023 йилда 200 минг гектар майдонда пахта ҳосилдорлигини ошириш учун ғўзани асалари билан чанглатиш агротехникаси қўлланилади.
Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари тажрибаси асосида Асаларичилик саноат марказлари ташкил этилади.
2024 йилдан интенсив мевали боғларда асалари билан чанглатиш агротехникасини қўллаш чоралари кўрилади.
“Фермерлар мактаби”да пахта майдонлари ва интенсив мевали боғларда асаларилар билан чанглатиш агротехникасини қўллаш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Изоҳ (0)