Украина президенти Владимир Зеленский Ғалаба кунини 9 майдан 8 майга ўтказиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
У “Хотира ва 1939—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида натсизм устидан қозонилган ғалаба куни” деб номланади ва расмий байрамга айланади.
9 май куни эса Украинада Европа куни сифатида нишонланади. Бу кун дам олиш куни бўлмайди, иш куни бўлади.
Аввалроқ Зеленский Ғалаба кунини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасини Олий Радага тақдим этганини айтиб ўтганди.
“Биз давлатимизга мафкуравий қоришмаларсиз, ҳалол тарихни қайтармоқдамиз. Дунёнинг аксарият халқлари 8 май куни натсизм устидан қозонилган ғалабанинг буюклигини эслайдилар. 8 май куни бутун дунё ҳалок бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо қилади. Бугун мен Украина Олий Радасига 8 майни Хотира ва 1939—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида натсизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида белгилашни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини тақдим этдим”, — деганди Украина президенти 8 май кунидаги чиқишида.
Изоҳ (0)