Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида фуқароларни Жанубий Корея ҳамда Германия давлатларига юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Чилонзор тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.Ж. исмли шахс фуқаро А.А.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Жанубий Корея давлатига ўқишга юбориш ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Тупроққалъа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда М.А. исмли шахс фуқаро Б.Д.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2 минг АҚШ доллари эвазига Германия давлатига ишга юборишини айтиб, шундан 500 доллар ва 2,6 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Хорижга ишга ноқонуний жўнатиш ҳолатлари
Май бошларида Тошкентда фуқарони АҚШга ноқонуний юбормоқчи бўлган яна бир гуруҳ кишилар қўлга тушганди. Шунингдек, Бухорода 2 фуқарони Кореяга жўнатишини айтиб, фирибгарлик йўли билан 23 минг доллар олган шахс ушлангани, Фарғонада эса фуқарони Жанубий Кореяга ишга жўнатиш учун 7 минг 550 доллар олган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)