Қирғизистонга 2 июнь куни амалий ташриф билан борган Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарл Мишел билан музокара ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар кенг доираси кўриб чиқилди.
Еврокенгаш президенти Шарл Мишел Шавкат Мирзиёевни Конститусия бўйича референдумнинг натижалари билан табриклаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва бўлажак муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтишини тилади.
Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама савдони диверсификасия қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновасиялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Бугун, 2 июнь куни Чўлпонотада иккинчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи минтақавий учрашув бўлиб ўтади. Тадбир кун тартибидан Марказий Осиё мамлакатларининг Евроиттифоқ билан конструктив мулоқотини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Бундай форматдаги биринчи минтақавий учрашув 2022 йил 27-октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Изоҳ (0)