Қашқадарёнинг Касби туманида Султон Мир Ҳайдар ота комплексига тегишли намозгоҳ нураб бораётгани, уни асраб қолиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги бунга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, мазкур ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганишлар олиб борилди.
Қашқадарё вилояти Касби тумани Муғлон қишлоғи ҳудудида жойлашган “Номозгоҳ” масжиди XIV аср ёдгорлиги ҳисобланади.
Ушбу иншоот Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига архитектура ёдгорлиги сифатида киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.
Меъморий ёдгорлик 2023 йилги реставрация режасига киритилган. Ҳозирда дастлабки лойиҳа ҳужжатлари шакллантирилиб, реставрация жараёнини амалга ошириш учун экспертиза хулосалари тайёрланмоқда.
Изоҳ (0)