“Дарё” мухбири Шуҳрат Саидаҳмадов Орол денгизининг қуриган тубида мангуликка чўккан кемаларни камера объективига муҳрлади. Унда Мўйноқдаги “Кемалар қабристони”нинг ҳозирги кўринишини томоша қилишингиз мумкин.
Мўйноқликларга кўра, ҳозирда бир жойда жамланган “Кемалар қабристони”ни ҳосил қилувчи 13 та кема олдин Оролқумнинг ўрта қисмида ҳар бири алоҳида-алоҳида ҳолатда турган. 2000 йилларда махсус техникалар ёрдамида Оролқумга ботиб қолган кемалар тортиб келиниб, бир жойга жамланган.
“Кемалар қабристони” йилдан йилга секин-асталик билан йўқолиб кетиши мумкин. Ҳар йили шамол, ёмғир, қуёш нури сабаб кемаларнинг темири емирилмоқда. Бир неча ўн йиллар олдин эса кемаларнинг моторлари ва оғир темир бўлаклари маҳаллий аҳоли томонидан олиб кетилган.
2019 йил 4-октябрда ушбу ҳудуд Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган.
1960 йилларда Мўйноқ шаҳри бир хил номдаги оролнинг порти бўлиб, унга ё денгиз орқали ёки самолётда бориш мумкин эди.
Айтишларича, бир кечанинг ўзида денгиз суви 200 метрга саёзлашган. Эртаси куни одамлар денгизга келиб, бу ҳолатни кўриб йиғлаган. Вақт ўтгандан кейин портдан қирғоққача канал қазиб, денгизга қуйишмоқчи бўлишган. Аммо барча уриниш бесамар кетиб, сувлар қурилишга сарфланган. Бугунги кунда Орол денгизи ва Мўйноқ ўртасидаги масофа 200 километрдан зиёдни ташкил этади.
Изоҳ (0)