Россиянинг Ленинград вилоятидаги саноат зонаси ҳудудида портлаш содир бўлди, деб хабар беради “Лен TВ 24”.
Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса “Новосергиевка” қишлоғида юз берган. “Дидал-СК” корхонаси ҳудудида пайвандлаш ишлари олиб борилаётганида денгиз понтони — тўртбурчак шаклдаги металл қути портлаб кетган.
Портлаш оқибатида уч нафар ишчи ҳалок бўлган — улардан бири Ўзбекистон фуқароси (41 ёш). Шунингдек, 41 ёшли Тожикистон ва 37 ёшли Россия фуқароси ҳам ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, 51 ва 54 ёшли ишчилар оғир тан жароҳати олган, 47 ёшли ишчига эса тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига рухсат берилган.
Тахминларга кўра, портлаш янги бўялган бўёқ буғланиши натижасида юзага келган. Ҳуқуқ тартибот органлари Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатган.
Куни кеча Туркияда ўзбекистонлик фуқаронинг парда тикадиган машина орасида қисилиб қолиши оқибатида вафот этгани маълум бўлганди. Шунингдек, Россиядаги ЙТҲда тўрт нафар ўзбекистонлик жароҳатлангани, Жанубий Кореяда ўзбекистонлик йигит иссиқ сув бакига тушиб кетгани, Қозоғистондаги ЙТҲда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)