ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси” бўлди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Женевада ўтаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси доирасида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус билан учрашди.
Мулоқотда асосий эътибор Ўзбекистонда ушбу ташкилот кўмагида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва истиқболлари муҳокамасига қаратилди. Амрилло Иноятов Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришда кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун Тедрос Гебреесусга миннатдорлик билдирди.
Қайд этилишича, ЖССТ раҳбари ҳам Ўзбекистон тиббиётида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Айниқса, силга қарши кураш борасида амалга ошираётган ишлари бошқа давлатларга ўрнак бўлишини таъкидлади.
Мулоқот якунида ЖССТ билан Ўзбекистоннинг самарали ҳамкорлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссаси учун Тедрос Гебреесусга “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони топширилди.
Изоҳ (0)