“Барселона” ҳимоячиси Хорди Альба 11 йиллик фаолиятидан кейин жамоани тарк этади. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Хабарга кўра, испаниялик футболчи “Барселона” билан шартномаси 2024 йилнинг ёзигача тузилганига қарамай, 2022/23 йилги мавсум сўнгида жамоани тарк этади. Хорди Альба 24 май куни Каталония клубини тарк этишини эълон қилади.
“Барселона”нинг 28 май, якшанба куни “Камп Ноу”да бўлиб ўтадиган “Мальорка”га қарши ўйинида Альба ҳам худди Серхио Бускетс каби мухлислар билан хайрлашади.
Альба “Барселона”да 2012 йилдан бери тўп суриб келмоқда. Футболчи клуб билан 6 марта Ла Лига, 5 марта Испания Кубоги, 4 марта Испания Суперкубогини қўлга киритган. У жамоа сафида Чемпионлар Лигаси, Европа Суперкубоги ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққан.
Бир неча кун аввал футболчига Миланнинг “Интер”идан қизиқиш борлиги ва “Барселона” Альбанинг кетишига қаршилик кўрсатмаслиги хабар қилинганди.
34 ёшли футболчи жорий мавсум Ла Лигада 22 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Аввалроқ “Барселона” ярим ҳимоячиси Серхио Бускетс 15 йиллик фаолиятидан кейин жамоани тарк этиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)