Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми яқинлашаётгани фонида россиялик ҳарбийларга мурожаат қилди. Видеомурожаат “Яшашни хоҳлайман” лойиҳасининг Telegram каналида эълон қилинган.
“Бир йилдан ортиқ вақт давомида Кремль режими Украинага босқинчилик бошланишида белгиланган ягона мақсадга эриша олмади. Мен рус ҳарбийларига, ҳужумларда ва хандақларда омон қолиш бахтига муяссар бўлганларга мурожаат қиламан. Аҳвол янада ёмонлашади. Сизда танлов бор: ўлиш ёки ҳаётингизни сақлаб қолиш”, — деди Буданов.
У Украинада “Яшашни хоҳлайман” давлат лойиҳаси ишлаётганини, унинг ёрдами билан юзлаб россиялик аскарлар аллақачон фронт чизиғини тарк этишга муваффақ бўлганини ва ҳозир хавфсиз эканини эслатди.
“Улар нормал шароитда, Халқаро қизил хоч қўмитаси назорати остида, кунига уч маҳал овқатланиш, уйга қўнғироқ қилиш ва посилка олиш имконияти билан яшайди. Уларнинг барчаси жангда асирга олинганлар сифатида рўйхатга олинган, шунинг учун Россия уларга маош беришда давом этмоқда. Уларнинг олдида танлови бор: уруш тугаганидан кейин уйга қайтиш ёки Россияга умуман қайтмаслик”, — деди Украина разведкаси раҳбари.
Буданов “Яшашни хоҳлайман” лойиҳасидан ўтганлар Украина ва Европа Иттифоқининг бошқа қатор давлатларидан бошпана сўраш ҳуқуқига эгалигини таъкидлади. У россияликларни “гўшт майдалагич”дан қутқариш учун лойиҳага мурожаат қилишга чақирди.
Изоҳ (0)