Наманганда 12 ёшли бола аттракционда айланган вақтида бош қисмидан тан жароҳати олиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Наманган шаҳар ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, вафот этган бола Учқўрғон туманидаги 8-сонли мактабнинг ўқувчиси бўлиб, у мактаб жамоаси билан Наманган шаҳридаги “Бобур” боғига саёҳатга чиққан.
Апрель бошларида Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган марказий истироҳат боғидаги аттракциондан 17 ёшли қиз тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Текширув натижалари бош мия эписхети, бош мияга оз миқдорда қон қуйилиш, иккинчи бўйин умуртқаси танасида синиш, қовурғаларида синиқ аниқланган.
Ундан олдин эса Бухоро шаҳрида жойлашган истироҳат боғида эр-хотин ва уларнинг фарзанди аттракциондан йиқилганди. “Контехназорат”нинг маълум қилишича, ушбу аттракциондан фойдаланиш тақиқланган бўлган. 2022 йил ноябрда Қашқадарёда 13 ёшли қиз аттракциондан йиқилиб, оғир жароҳат олган эди.
Изоҳ (0)