Яқинда АҚШ ҳукуматининг 2023 йил учун “Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси” — Green Card жавоблари чиқди. Ҳар йили дунё бўйлаб 50 минг кишига бериладиган ушбу лотерея ютуғининг 5 минг 511 таси ўзбекистонликларга насиб қилди. “Дарё” мухбирининг “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан бу галги суҳбати Green Card, Америкада яшаш ва ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бўлди.
Охирги йилларда ўзбекистонликлар Green Card лотереяси ютиб, Америкага кетишга кўпроқ қизиқаётгандек. Айрим ватандошларимиз Green Card’ни қўлга киритса, АҚШда иш ҳам, мўмай ойлик – маош ҳам тайин деб ўйлайди. Бу қараш қанчалик тўғри?
Ўзим Қўшма штатларда 2001 йилдан бери истиқомат қиламан. Ўзбекистонда 1990 йилларнинг ўрталарида ҳам Green Card қизиқ мавзу эди. Ўша пайтлар мен у ерда яшардим, талабалик даврим эди. Лекин бу лотерея нима эканини деярли ҳеч ким билмасди. Бир доллар тўлаб, анкета тўлдириларди. Лекин 2000 йиллардан кейин Green Card ютганлар сони орта бошлади.
Умуман олганда, Green Card лотереяси 1990 йилдан бери таклиф этиб келинади. Бундан мақсад — иммигрантлар кам келадиган жамиятлардан Америкага муҳожирларни таклиф қилиб, уларга доимий яшаш ва ишлаш имкониятини бериш, шу тариқа жамиятни маданий, диний жиҳатдан рангбаранглаштиришдан иборат. Қўшма штатлар муҳожирлар асос солган жамият бўлиб, ўзининг иммигрант тарихи билан бағоят фахрланади.
Ҳар йили иммиграцион визалар чет элликларга ҳадя сифатида таклиф қилинади. Green Card — электрон лотерея. Яъни шахсан кимдир ўтириб, ҳужжатларни титкилаб ғолибларни танламайди. Балки электрон равишда танланасиз. Танланганингиз эълон қилингач, сизга иммиграцион виза учун ҳужжат топшириш имконияти берилади. Яъни лотерея ўйнаб, мана шу визага ҳужжат топшириш имкониятини қўлга киртасиз холос. Лотереяда ютиш, Green Card олганликни англатмайди. Green Card — Қўшма штатларда доимий яшаш ва ишлаш учун ҳужжат. Уни сиз иммиграцион виза орқали оласиз. Лекин бу карта фақатгина лотерея орқали берилмайди.
Ҳар йили Америкада аллақачон яшаётган одамлар ёки ташқарида юрганлар бошқа йўллар билан ҳам Green Card олиши мумкин. Масалан, иш жойингиз ҳомийлик қилса бўлади. Агар Қўшма штатлардаги бирор компанияга керак бўлсангиз, америкалик билан турмуш қурсангиз ёки АҚШда фарзандингиз яшаб, у ердаги доимий резидентга айланган бўлса, сизни ота-онаси сифатида таклиф қилиши мумкин. Яъни Green Card олишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Лекин лотереяда ютиш, бу иммиграцион виза учун ҳужжат топширишингиз мумкин дегани. Мураккаб бир жараён аслида лотерея ютганингиздан кейин бошланади.
Айни кунларда минглаб ўзбекистонликларга “сиз бу лотерея ўйинида танландингиз”, деган хабар борди. Бу “ДС—260” формасини тўлдиришингиз керак дегани. Ушбу форма қабул қилингач, кўриб чиқилади. Агар дастлабки талабларга жавоб берсангиз, у сизга маълум қилинади. Кейин жараён бошланади. Мамлакатингиздаги АҚШ консуллиги сиз билан алоқага чиқади ва кейинги жараёнларни тушунтиради. Формани тўлдирдингиз, юбордингиз. Кўп ҳолларда сизга ҳеч қандай жавоб келмаслиги мумкин. Сиз билан алоқага чиқишмадими, демак танланмагансиз. Ундан кейинги босқичга ўта олмагансиз.
Green Card қайсидир ҳудудда кўпроқ, бошқасида камроқ чиқиши мумкинми? Халқ орасида маълум ҳудуддан туриб лотерея ўйналса, ютуқ аниқ чиқади деган гаплар бор. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин?
Бундай гапларни ўзим ҳам эшитаман. Ўзбекистонда “Самарқандда ютуқ кўп чиқар экан”, деган гаплар юради. “У ерда бу иш билан шуғулланадиган мафия борми, бирор тармоқ борми”, деб сўрашади. Самарқанд вилоятидан Green Card ютганлар кўп. Жараённи ўзим ҳам кузатаман. Демак, у ердан кўпроқ одам ўйнаган. Қанчалик кўп одам ўйнаса, ютиш эҳтимоли ҳам шунчалик ортади.
Ҳар йили дунёда бу лотереяни 11 миллиондан ортиқ одам ўйнайди. Яъни уни ютиш эҳтимолингиз 200 тадан битта. Бунда қандайдир формула йўқ. Бу ҳақда сўраганимизда АҚШдаги расмийлар кулишади.
Иммиграцион виза олиш учун нималарга эътибор қаратиш муҳим?
Лотерея анкетасини тўлдираётганда биографик маълумотларингиз ҳақида ҳақиқатни ёзишингиз керак. Кейин танлангач, “элак”дан ўтказила бошлайсиз. У ерда ёзганларингиз ҳақиқат ва фактлар билан мос келиши зарур. Албатта, консуллик текширади. Чиғириқдан ўтасиз. Анкетада ёзганларингиз қўпол хатолар бўлмаслиги шарт. Баъзида, масалан, исмнинг нотўғри ёзилиши ҳам анкетанинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Ҳамиша маслаҳат берамизки, анкетани тўлдираётиганда ростгўй бўлинг.
Green Card ютиб, виза олишга эришган инсон, айтайлик, ўзбекистонликнинг Америкада ишга кириш имконияти қандай бўлади? Бориб иш излаш керакми ёки қандайдир таклифлар бериладими?
“Сиз лотереяда танландингиз, иммиграцион виза олиш учун ҳужжат топиширишингиз мумкин”, деган хабарни олгач, бир неча ойни ҳужжатлаштириш жараёни учун сарфлайсиз. Дейлик, ҳаммасидан яхши ўтиб, иммиграцион виза олдингиз. Энди сизга Қўшма штатларнинг дарвозаси очиқ. Истаган штатингизга бориб яшашингиз мумкин.
Одатда одамлар яқинлари, танишларининг олдига боришга интилади. Уларнинг ёрдамига таянади. Бу ниҳоятда муҳим фактор. Биздан ўзбекистонликлар ва умуман, Марказий осиёликлар Американинг қаерига борсам экан, яқин танишларим ҳам, дўстларим ҳам йўқ, нима қилай, деб кўп сўрашади. Ўша пайтда ўзим маслаҳат бериб келаманки, Америкага боргунча имкон қадар инглиз тилини озгина бўлса ҳам ўрганиб олинг. Чунки бу ерда бирор дўстингиз бўлмаса, имкониятларингиз ниҳоятда чекланади. Лекин бу камдан кам учрайдиган ҳолат. Чунки АҚШда 100 минглаб Марказий осиёликлар яшайди. Улар орасида узоқ танишларни бўлса ҳам топиш мумкин.
Бу ерда ўзингизга ишонишингиз ва таянишингиз керак. Чунки ҳамманинг ўз ҳаёти, тирикчилиги, ташвишлари бор. Албатта, ватандошлар ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Лекин сиз бу ерда ҳаётингизни нолдан бошлаётган бўлсангиз, айниқса, оилангиз билан, боғча ёки мактабга борадиган фарзандларингиз билан келаётган бўлсангиз, қийналишингиз табиий. Бу қийинчилик ва синовларга руҳан тайёр бўлишингиз лозим. Бунга тайёрланишнинг асосий йўли тилни ўрганиш, озгина изланиш, қайси шаҳарга кетяпман, чўнтагимда қанча пулим бор, нима қилишим керак, қандай режалашим лозим, деган аниқ бир стратегия устида бош қотиришингиз зарур.
Юзлаб Green Card ютганлар билан мулоқот қилган бўлсам, уларнинг кўпчилиги: “Америкага оилангизни дарров олиб келманг. Агар ота ёки она бўлсангиз, олдин ўзингиз келинг. Бу ерда ҳаётни бошлаб, фундаментал шароитни таёрлагандан кейин бошқалар асталик билан келиши мумкин”, деб айтишади.
Ўзбекистондаги мулкингиз, уй-жойингизни сотишга шошманг. У ердаги алоқани узманг. Ҳамма кўчмас мулкинию, бошқа нарсаларини сотиб, “бўлди, Ўзбекистон мен учун фақатгина тарихий ватан бўлиб қолади, бу ёғи Америка”, деб келганлар, АҚШда яшашга қийналишганини кўрганман. Ҳатто Ўзбекистонга қайтиб бориш учун ҳам имкониятлари чекланиб қолган. Яъни ҳамма нарсани бир пайтда ҳал қилишингиз шарт эмас. Муҳими сизга Америка эшиги очилди. Балки бошида бориб, ўзингизни синаб кўришингиз керакдир. Балки сизга у юрт ёқмас. Буларни ҳам ҳисобга олиш керак.
Америкада имкон қадар мослашувчан бўлиш тавсия қилинади. АҚШ томони сиз учун нима қилади? Сизга эшикни очади холос. Сизга бу ерда ёрдам ёки шароит таклиф қилинмайди. Фақатгина ўзингиз келасиз, қаерда яшашни ҳам ўзингиз ҳал қиласиз. Сизга яшаш учун қўлингизга ҳеч ким пул бермайди. Вақтинча иш жойи билан ҳам таъминламайди. Сиз келиб, ўрнашиб, иш топиб, ҳаётингизни йўлга қўясиз.
Агар олий маълумотли, инглиз тилини биладиган, ёш ва ғайратли бўлсангиз, бу ерда сизга мустақил, ўзини эплаб кета оладиган инсон сифатида қарашади ва ёрдам ҳам, эътибор ҳам шунга яраша бўлади. Яъни Green Card ютиб, иммиграцион виза олиб, Америкага келадиган бўлсангиз, ўзингизидан яқин, ишончлироқ дўстингиз йўқ. Бу ерда фақат ўзингизга таянасиз.
Ўзбекистондан Америкага бориб яшаётганларнинг аксарияти қандай ишлар билан шуғулланади? АҚШда бир ой яшаш учун минимал ҳисобда қанча маблағ керак? Ўзбекистондан АҚШга бормоқчи бўлганлар ўзи билан қанча пул олиб бориши лозим?
Мен турли ёшдагиларни кўрдим. Нафақага чиқиб, бу ерга келиб, ҳаётини нолдан бошлаб, янги касб ўрганиб, тилни ҳам эплаб, янги бир турмуш бошлаганлар билан ҳам танишман. Шу билан бирга, ёш бўлатуриб, йўлини топа олмай, яна Ўзбекистонга қатиб кетганлар ҳам бор.
Экстремал ҳолатлар ҳар бир авлод вакилида бўлади. Лекин агар инсонда кучли ирода ва хоҳиш, тиришқоқлик, сабр ҳамда меҳнаткашлик бўлса, йўлини топиб кетиш эҳтимоли ниҳоятда катта. Агар сиз Ўзбекистонда ҳам ишини биладиган, ўқиган, ҳунарли бўлсангиз, бу ерга ҳам мослашиб кетишингиз осон кечади. Ҳунарли одам Америкада ҳам кўчада қолмайди. Инглиз тилида ҳеч бўлмаганда оддий, озгина даражада бўлса-да мулоқот қила оласизми, сизга иш топилади.
АҚШда маош деганда йиллик ҳисоб назарда тутилади. Келибоқ, баъзи америкаликларга ўхшаб 100-150 минг доллар топмаслигингиз мумкин, балки 40-50 минг доллар топарсиз, бу ҳам бошланишига ёмон пул эмас.
Кейин арзонроқ жойларда яшаш тавсия қилинади. Масалан, Америкага келибоқ Сан-Франсиско, Чикаго марказида, Ню Ёрк ёки Вашингтонда манаман деган хонадонларда яшамаслигингиз, кичикроқ ва арзонроқ квартираларда яшашингиз мумкин. Яъни сиз шунга тайёр бўлишингиз керак. Муҳожирлик синовларига, ўзга юртда ҳаётни нолдан бошлашга ўзингизда куч топа олишингиз лозим.
АҚШга келганингизда озгина бўлса ҳам чўнтагингизда пулингиз бўлсин. Чунки бу ерда ҳеч кимдан қарз сўрай олмайсиз, қарз берадиганларни ҳам топиш қийин. Албатта, келиб, банк ҳисоби очиш мумкин. Банк хизматларидан фойдалана оласиз. Лекин у ердан кредит олиш учун ҳам ўзига хос молиявий тарих керак.
Умуман олганда, Америкада арзонроқ жойнинг ўзи йўқ. Вашингтон, Ню Ёрк ёки бошқа қиммат шаҳарларда ҳар куни овқатлана олишингиз, ўзингизга қарай олишингиз учун ойига 1500 доллардан 2000 долларгача пул керак. Ва бу билан сиз камбағал ҳисобланасиз. Лекин оилангиз бўлса, бунча пул билан яшаш иложсиз.
Қўшма штатларда инфляция ниҳоятда юқори. Дейлик, Ўзбекистондан келаётган оилалар эр-хотин ва икки фарзанддан иборат бўлади. Бу сизга камида уч ётоқхонали уй керак дегани. Яъни сиз уйни ижарага олаётган бўлсангиз ҳам, сотиб олаётган бўлсангиз ҳам давлат ҳар бир фарзандингиз учун алоҳида ётоқхона бўлишини хоҳлайди. Одатда одамлар дарров уй сотиб ололмайди, ижарага олади. Сизга ижарага квартира бераётган бизнеслар, биноларнинг эгалари ҳам қонуний талабларни инобатга олиши керак.
АҚШнинг аксарият ҳудудларида сиз икки фарзандингиз билан бир хонали уйда яшай олмайсиз. Чунки бу ноқонуний ҳисобланади. Вашингтон ёки унга қўшни Балтимор шаҳрида сиз икки фарзандингиз ва ўзингиз учун ижарага уй олмоқчи бўлсангиз, уни энг арзони, агар омадингиз чопса, 1500 — 2000 долларга топишингиз мумкин. Лекин гап анча хароб аҳволдаги квартира ҳақида кетмоқда. Сал яшаш учун осонроқ, қулайликлари бор жойлар ойига 3000 — 3500 долларгача боради. Тўрт аъзолик оилага ҳафтасига егулик учун 400—600 долларгача сарфлашга мажбур бўласиз.
Америка орзуси кетидан келганлар, Америка орзуси билан яшаганлар ва ҳаяжон билан бу ерга келиб қолганлар, албатта қийналади. Чунки реал ҳаёт бу ерда осон эмас ва кутганингиздек бўлиб чиқмайди. Оёққа туриб олгунингизча анча хавотирда бўлсиз, руҳан қийналасиз. Яъни бу ерда ҳаёт сиз кутганингиздан анча бошқача, аччиқ ҳақиқат ҳар доим ҳам сизни хурсанд қилмайди. Қийналишга тайёр бўлиб келиш керак. Бошида озгина шокка тушиб, кейин дарров ўзига келиб, ҳаётини изига тушириб олганлар ҳам жуда кўп.
Нафақат ўзбекистонликлар, балки кўпчилик муҳожирлар одатда хизмат кўрсатиш секторида ишлайди. Меҳмонхона, кексаларга қараш хизматлари бу ерда кенг тарқалган. Балки инглиз тилингизни чархлаб олгунингизча ҳайдовчилик қиларсиз, такси хизматларида ишларсиз, қоровул бўлишингиз ҳам мумкин. Ёки ҳамширанинг ёрдамчиси бўлиш мумкин. Ресторанларда, кичик ва ўрта бизнесларда ишлашади. Лекин АҚШга келиб, ўзи истаган соҳасида озгина тажриба орттириб, карьераси авж олганлар ҳам кўп.
Тилни билсангиз, тиришқоқ, Америка университетларини битирган бўлсангиз, уқувингиз ва тажрибага қараб омад ҳам келади. Имкониятлар эшиги ҳам очиқроқ бўлади.
Сўнги вақтда Мексика чегараси орқали ноқонуний равишда АҚШга боришга уринаётганлар сони ортгани тўғрисида хабарлар кўпайди. Афсуски, улар орасида ватандошларимиз ҳам борлиги айтилади. Уйи, машинаси, мол-мулкини сотиб бўлса ҳам Мексика чегарасидан ўтишга уринишади. Мамлакатга ноқонуний тарзда кирганларга Америкада яшаш имкони борми?
Биринчидан, ҳеч кимга чегарани бузиб, Америкага киришни асло тавсия қилмайман. Бу хавфли, бу жиноят. Чегарадан бундай кириб келаётганларга жиддий чоралар кўрилади, жиноий жавобгарликка тортиласиз. Бедарак кетганлар ҳам кўп. Йиллар давомида шу йўл билан АҚШга кирмоқчи бўлганлар билан гаплашиб келаман. Жуда кўп мурожаат қилишади. Келиб, бу ерда ҳисбда ўтирганларни ҳам биламиз.
Бир амаллаб Мексикага келиб, буёғига қандай кирсам экан деб ўйланиб ўтирганлар ҳам бор. Уларнинг кўпидан ўзим интервьюлар олишга ҳаракат қилганман. Яшириниб юрганлари ҳам мавжуд. Чегарага келиб: “ўз юртимда ҳаётим хавф остида, менга бошпана беринг”, десангиз, Америка ҳар доим ҳам сизга ишонмаслиги мумкин. Чегара хизматидан ўта олмаган бўлишингиз, АҚШдаги танишларингиз сизни у ердан олиб кета олмайди. Яъни бу ниҳоятда қалтис ва хавфли таваккал.
Бугун ҳам камида иккита одамга “бундай қилманг”, деб маслаҳат бердим. Одамлар сиздан маслаҳат сўрашади, вақтингизни зое кеткизишади, аммо билганидан қолмайди. Ўзбошимчалик кўплаб балоларга етаклаши мумкин.
Шундай ўзбекистонликлар борки, улар борини сотиб, оиласидан воз кечиб, ҳатто турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам Америкага келишга ҳаракат қилади. Бу — хавфли сафар. Бундай қилмаслик керак. Ноқонуний келган бўлсангиз сизга Америкада ҳам кун йўқ. Тўғри, Қўшма штатларда 12 миллионга яқин ҳужжатсиз иммигрант бор. Лекин сиз “улардан бирига айланиб олсам, менинг ҳам ишларим жойида бўлади, мен ҳам Қўшма штатларда бемалол яшаб юрар эканман”, деб тасаввур қилаётган бўлсангиз, хато қиласиз. Чунки ҳар бир мигрантнинг бошидан нима ўтаётганини унинг ўзи билади.
Тўғри, бу ерда 10-15 йилдан бери ҳужжатсиз яшаётган муҳожирлар бор. Улар кимнингдир ёрдамига таянади, балки кимдир иш берган ва бошини силайди. Лекин бу сиз ҳам улардан бирига айланиб қолишингиз мумкин дегани эмас. Қўшма штатларда ноқонуний мигрантлар ҳеч кимга ёқмайди. Ва бир амаллаб яшаб юрганларига қараб ҳавас қилиш нотўғри.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Изоҳ (0)