Президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қайд этилишича, Миллий гвардия органлари ходимларига майда безорилик, совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш бўйича қўшимча ваколатлар берилган.
Ушбу Қонун эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
2021 йилнинг августида Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимларига фуқароларнинг автомобилларидан мажбурий тарзда фойдаланишга рухсат берилган эди. Миллий гвардия органлари томонидан транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланилганда, транспорт воситасининг эгасига ҳарбий хизматчи (ходим) ўз идентификацияловчи ҳужжатини бериши шарт.
Шу йилнинг апрель бошларида Ўзбекистонда чет элликлар билан ишлаш борасидаги айрим ваколатлар ДХХ Чегара қўшинларига берилаётгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)