Украина Қуролли кучларига мамлакат шарқида қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун бир оз кўпроқ вақт керак. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Европа ОАВларига берган интервьюсида маълум қилди.
Зеленский, шунингдек, АҚШдаги навбатдаги президентлик сайловлари олдидан Украинанинг Россия устидан ғалаба қозонишига ишонишини айтди.
“Биз олдинга силжишни бошлашимиз ва муваффақиятга эришишимиз мумкин. Бироқ, биз бу йўлда жуда кўп одамларни йўқотамиз. Мен буни номақбул деб биламан. Шунинг учун биз кутишимиз керак. Бизга ҳали бир оз кўпроқ вақт керак”, — деди Зеленский.
Владимир Зеленский Украина ҳарбийлари жанговар ҳаракатларга тўлиқ тайёр эканини айтди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, уларда “баъзи нарсалар”, жумладан, зирҳли техника етишмайди.
Жо Байден президент сайловида мағлубиятга учраган тақдирда Украина АҚШ қўллаб-қувватлашини йўқотиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Владимир Зеленский ўша вақтгача урушда ғалаба қозонишга ишонишини айтди.
“Ким билади, биз қаерда бўламиз? Ўшангача ғалаба қозонишимизга ишонаман”, — деди у.
АҚШда сайловлар 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)