Айни вақтда Шавкат Мирзиёев парламент аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари ўз нутқининг аввалида Конституция бўйича референдум якунларига тўхталди.
“Хабарингиз бор, шу йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида ҳеч шубҳасиз том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги “Бу – менинг Конституциям”, деб ғурур билан овоз берди.
Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди”, — дейди Президент.
Эл-юртнинг ана шундай азму қарори асосида давлатчилик ва иқтисодиётни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилгани қайд этилган.
Референдумда Конституция тўғрисидаги Конституциявий қонунни қабул қиласизми деган саволга 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқародан 15 миллион 40 минг 55 нафари (90,21 фоизи) ёқлаб, 1,5 миллион нафари қарши овоз берди. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига кўра, овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.
Изоҳ (0)