Украина Германия томонидан тақдим этилган қуроллардан Россия ҳудудини ўққа тутишда фойдаланмаслиги керак. Бу ҳақда мамлакат канцлери Олаф Шольц маълум қилди, деб хабар беради Deutsche Welle.
Reuters агентлиги маълумотларида келтирилишича, у Бендорф аҳолиси билан мулоқоти давомида Украинага қурол-яроғ етказиб бераётган Ғарбнинг бошқа давлатлари ҳам бу каби талабларни билдираётганини айтган. Шолснинг сўзларига кўра, Киевга зарурий ёрдам кўрсатилиши керак, бироқ шу билан бирга, Россия ва НАТО ўртасида юзага келиши мумкин бўлган урушнинг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши лозим.
Канцлер Германия Украинага ўзиюрар Гепард артиллерия қуролларини август ойида етказиб бериши мумкинлигини қайд этган. Ҳозирда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, аммо бу қанчадир вақт талаб қилади.
Март бошларида Польша ва Германия сиёсатчилари ўртасида Украинага қурол етказиб бериш борасида келишмовчилик юзага келганди. Берлин расмийларига кўра, танк ва қурол-яроғлар бўйича келишмовчиликдан ташқари, икки томонлама ҳамкорлик силлиқ кечмоқда. Польша раҳбарлари жанговар танкларни фронтга жўнатишни кечиктиришда айблаб, Берлинга “ҳужум қилиш” имкониятини қўлдан бой бермаётгани келтирилади. Хусусан, Польша раҳбари Анжей Дуда эски Леопард танклари учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришдаги муаммолар сабабли Германияни танқид қилган.
Шунингдек, Олаф Шольц Германия канцлери Украина можароси узоқ давом этишидан огоҳлантирган эди. АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц Вашингтондаги музокарада Россияни Украинадаги воқеалар учун етарлича жавобгарликка тортиш ниятини билдирган.
Изоҳ (0)