Молдова бош вазири Дорин Речан TV8 телеканалига берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакатга кириши тақиқланганини айтди.
Речаннинг айтишича, Молдовада мамлакатга кира олмайдиган Россия фуқароларининг “қора рўйхати” мавжуд. Шу билан бирга, бош вазирнинг таъкидлашича, баъзи россиялик амалдорлар ушбу рўйхатга тушгани ҳақида улар Молдовага киришга уринган пайтдагина хабар топади.
“Пайти келиб биз оммавий рўйхат тузамиз, ҳозирча бугунги кунда ишлаётган механизм етарли. Оммавий рўйхатни тузиш учун давлат ресурсларини сарфлаш шартми-йўқми, билмайман”, — деди Речан.
Унинг қўшимча қилишича, “мамлакатга кириши тақиқланганларнинг ҳеч бири ҳали кирмаган”.
“Биз урушни тарғиб қилаётган ва уруш уруғини сепаётганларнинг ҳаммасини оғзини ёпмоқдамиз”, — деди Речан.
Татаристон раҳбари Молдова ҳудудига киритилмади
Ўтган ҳафта, 17 апрель куни Молдова Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг мамлакатга киришига йўл қўймаган эди. Самолёт салонида ўтириб, видеомурожаат йўллаган Миннихановнинг айтишича, уни мамлакатда “исталмаган шахс” деб аташган. Татаристон раҳбари ўтирган самолёт Кишинёвдан Россияга қайтиб кетган.
Айни пайтда, “Интерфакс” ахборот агентлиги Молдова чегара полицияси матбуот котиби Раиса Новицкийнинг сўзларига таяниб, ёзишича, “Татаристон делегациясининг келиши Молдова ҳукумати билан келишилмаган эди”.
Изоҳ (0)