Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 апрель куни икки қиз бошқа бир қизни “самосуд” қилди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 2006 йилда туғилган Ҳ.С. ва 2007 йилда туғилган Д.У. қурилиши тугалланмаган объект ҳудудида жамоат тартибини бузиб вояга етмаган 2009 йилда туғилган С.Х.ни уриб, енгил тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирган. Маълум бўлишича, мактаб маъмурияти ушбу ҳолатдан 12 апрель куни кечки вақтда хабар топган.
13 апрель куни мактаб маъмурияти жанжал иштирокчиларининг ота-оналарини чақиртириб, улар билан тушунтириш ишларини олиб борган. Воқеа юзасидан Янгиҳаёт тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига мурожаат қилинган.
Изоҳ (0)