Беларусь президенти Александр Лукашенко Минскда Россия томонидан тайинланган “Донецк халқ республикаси муваққат раҳбари” Денис Пушилинни қабул қилганидан сўнг, Украина ўзининг Беларусдаги элчиси Игор Кизимни маслаҳатлашувлар учун Киевга чақириб олаётганини эълон қилди.
Украина ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Лукашенко ва Пушилин ўртасидаги учрашув “Донецкдаги Россиянинг ишғолчи маъмурияти вакилини қонунийлаштиришга уриниш” деб номланди.
“Оғир жиноятлар содир этгани учун Украина терговидан яшириниб юрган, Украинанинг ва халқаро санкциялар остида бўлган Россия ишғолчи маъмурияти вакили билан учрашувни Беларусь республикасининг агрессор Россияни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги очиқ-ойдин душманона ҳаракати, деб ҳисоблаймиз”, — таъкидлади Украина ТИВ.
Шу билан бирга, Киев Минскни “бундай бузғунчи қадамлардан тийилишга ва Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга” чақирди.
Александр Лукашенко Денис Пушилинни қабул қилди
“ДХР раҳбари вазифасини бажарувчи” Денис Пушилин 18 апрель куни Минскда Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашди. Лукашенко матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда у Пушилиндан Беларусь Донецкга қандай ёрдам бера олишини сўраган.
“Нима бўлмасин у ерда (Донецк вилоятининг Россия томонидан босиб олинган қисмида — “Дарё” изоҳи) одамлар яшайди. Бу 100 фоиз. Одамларнинг эса қорнини тўйдириш керак. Шунинг учун биз таъминотга тайёрмиз. Бизга бегона бўлмаган одамларнинг азоб-уқубатларини тугатиш учун тегишли ёрдам ва қўллаб-қувватлов берилади”, — дея Беларусь раҳбарининг сўзларини келтирди матбуот хизмати.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби бир неча бор кунлик ҳисоботларида РФ Қуролли кучларининг айрим бўлинмалари Беларусда жойлаштирилганини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳарбий экспертлар Россия кучларининг Украинага Беларусь ҳудудидан ҳужум уюштириш эҳтимолини муҳокама қилган.
Изоҳ (0)