Андижондаги мактабда босимга учраган ўқитувчи мурожаати ижобий ҳал этилди, деб хабар бермоқда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили номига Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро О.Қ.дан иш фаолиятида меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган.
Тумандаги мактаблардан бирида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритадиган мурожаатчининг сўзларига кўра, шу мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари иш бошлаганидан буён йиғишларда уни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келган ва унга босим ўтказиш орқали дарс соатларини ўз танишларига ўтказиб берган.
Фуқаро О.Қ.нинг мурожаати назоратга олиниб, вилоят Халқ таьлими бошқармаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилган. Ўрганиш давомида директор ўринбосарининг иш фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, мурожаатчидан қонунга зид равишда олинган ўқув соатлари ўзига қайтарилган.
Мактаб директори ўринбосари эса, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Изоҳ (0)