Актриса, бошловчи ва маҳоратли дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова 32 ёшни қаршилади. Дадасидан эрта айрилган, онаси билан кўплаб низоларга борган актриса қаршиликлар эвазига санъаткор бўлгани ва турмуш ўртоғи сабаб фильмларда суратга тушмаётганини кўпчилик билмаса керак.
Шаҳзода Муҳаммедова ўзига тўқ тадбиркор ва ҳуқуқшунослар оиласида дунёга келган. Оилада ёлғиз қиз фарзанд бўлишига қарамай, болаликдан маълум чеклов ва ишончсизлик таъсирида улғайган. Отасининг эрта вафоти эса унинг келажакка бўлган умидларини янада сўндирган.
— Отам вафот этганида 13 ёшда эдим. У мудҳиш автоҳалокатга учраган, ундан кейин бир муддат даволанди. Аммо даволанишлар самара бермай, бу ҳаётни жуда эрта тарк этди. Дадам прокурор ва тадбиркор бўлган. Айримлар автоҳалокат атайин уюштирилган дейишади. Дадамнинг бевақт ўлими ҳаётимиздаги энг катта фожиа бўлган. Болалигим бахтли ўтган деёлмайман. Чунки у вақтда оила аъзоларим томонидан қиз бола деб кўп ишончсизлик билдиришган. Укамга бўлган муносабат бошқача эди. Шунинг учун ҳам болаликдан ўзим ҳаракат қилишга ва атрофдагиларга нималарнидир исботлашга уринганман. Одатда қизлар ота уйи ва оила аъзоларига ўрганиб, тўй куни хайрлашаётганида йиғлайди. Менинг эса тўйим куни кўзларимга умуман ёш келмаган, — дейди актриса Шаҳзода Муҳаммедова.
Актриса болаликдан тикиш-бичишга қизиққан. У илк даромадини ҳам айнан шу соҳадан олган.
— Илк даромадимни 14 ёшда қўлга киритганман. Ўшанда ён қўшнимизга чизган эскизим ёқиб, “Шу асосида кўйлак тикиб бера оласанми?”, деган. Қўрқмасдан ҳа деганман ва кўйлакни тикканман. Аниқ эсимда, кўйлак учун 70 минг сўм олгандим, — дейди актриса Шаҳзода Муҳаммедова.
Шаҳзода Муҳаммедованинг актриса бўлишига қайсидир маънода укаси сабабчи бўлган. Чунки онаси Гулмира Муҳаммедова ўғлини актёр бўлишини орзу қилади. Аммо ўғли эмас, қизи санъат соҳасини эгаллайди.
— Биринчи бўлиб киностудияга 16 ёшида ўғлимни олиб бордим. Унинг Мурод Ражабовдек актёр бўлишини истадим. Ўшанда Шаҳзода “Мен ҳам борай, студияни битта кўрай”, деб илтимос қилганди. Лекин ҳар доим ҳам ўйлаган нарсанг бўлавермас экан. Ўғлим қолиб, режиссёр қизимни танлади. Мен якка-ю ягона келинман, қизим оиламизда якка-ю ягона қиз невара. Мен орқамда турган қайнона-қайнотамдан қандай дакки эшитишимни билсам-да, қизимнинг кинода рол ўйнашига рухсат бердим. ‘Омад’ фильмидан таклиф бўлганида ўйлаб ҳам ўтирмасдан розилик билдирдим, чунки сценарийда қизимнинг феъл-атвори ёзилган эди. Кичик роллардан бошлаб, қандай қилиб кино соҳасига кириб кетганимизни билмай қолдик, — дейди актрисанинг онаси Гулмира Муҳаммедова.
Кўпчилик актриса илк ролини “Тундан тонггача” фильмида ижро этган деб билади. Аммо у укаси суратга тушган “Омад” фильмида кичик эпизод ролда кўриниш берган. Тўғрироғи, режиссёрдан бирор рол ижро этишга рухсат беришини сўраган. Фильм катта экрналарга чиққан, аммо бу ҳақида унинг бувисига айтишмаган. Шундан сўнг уни “Тундан тонггача” фильми кастингига таклиф этишган.
— Аввалига онам бу ролни ижро этишимга жиддий қаршилик қилган. Қиз бола ҳомиладор келинчак ролини ўйнаса, одамлар ҳар хил тушунади, деб ўйлаган. Аммо киноижодкорлар “Қизингизни олиб келинг, кўрайлик” деяверишганидан кейин кастингга олиб борган. Студиядаги катта доскага илинган машҳур санъаткорларнинг суратини кўриб, ролга бўлган муносабатимиз ўзгарган, — дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Келинчак ролига Севинч Мўминова, Дилноза Кубаева ва Мадина Мумтоз ҳам кастинг топширган. Кастинг жараёнлари нақд 3 ой давом этади, Шаҳзода Муҳаммедова эса ролдан бутунлай умид узади.
— Алишер Узоқовнинг портнёр эканлиги катта қизиқиш уйғотган. Чунки бу актёрнинг ижодини аввалдан кузатиб борардим. Аммо кастинг жараёнлари жуда узоқ давом этган. Аввалига 15 та актриса синовдан ўтказилган, уларнинг 8 таси видеосиновга тушган. Хуллас, 3 ой давом этган синовлардан кейин иккита номзод қолган ва улар Севинч Мўминова ва мен эканлигимни айтишди. Севинч жуда машҳур хонанда, унинг устига у пайтда рол ижрочиларининг саунтрек ижро этиши урфга айланган пайтлар эди. Шу боис, бу рол аниқ хонандага берилади, деб ўйлагандик, — дейди Шаҳзода Муҳаммедрова.
Актрисанинг илк катта ролини ўйнаши ва ундан кейинги воқеалар жуда қизиқ кечган. Яъни у онаси билан “тил бириктириб” сёмкаларга бориб келган, бундан бувиси ва бобосининг хабари бўлмаган. Фильм премьерасидан сўнг улар хабар топишиб, икки йилга яқин набиралари билан гаплашишмаган.
— Бобом ва бувим қатъиятли, айтганини қиладиган инсонлар бўлишган. Ҳатто, улар дизайнер бўлишимга ҳам қарши бўлишганди. “Бродвейда расм чизиб ўтирасанми, керак эмас бу иш”, дейишган. “Тундан тонггача” фильмида суратга тушаётганимни ҳам айтмаганмиз. Қарши бўлишларини аниқ билардик. Шу боис у бу нарсани баҳона қилиб, сёмкаларга бориб келганмиз. Фильм премьера бўлганидан сўнг қаттиқ ранжишган. Ҳатто икки йилча саломимга алик олишмаган. Аслида оилада биттагина қиз набираман. Тарбиямга қаттиқ қарашгани ва айтганларини қилмаганим учун мендан ранжишган, — дейди актриса Шаҳзода Муҳаммедова.
Шаҳзода Муҳаммедова Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультетида таҳсил олган.
— Фаолиятим ранг-баранг. Ҳаммасига қизиқаман ва бу борада оз бўлсада тажрибам бор. Иқтисод бўйича ўқиганим тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишимга ёрдам берган, — дейди актриса.
Актриса хонандаликка ҳам қўл урган. “Сенсиз” номли қўшиғига клип суратга олиб, телевидениеларда “айлантирган”. Аммо унинг хонанда бўлишига жиддий қаршиликлар бўлган.
— Хонанда бўлишни жуда орзу қилганман. Ҳам дизайнер, ҳам хонанда бўламан, деган орзу болаликдан бўлган менда. Кино соҳасида ишлашни умуман орзу қилмаган эканман. Дизайнерлик соҳасини ўқиб тугатдим, уйдагиларимнинг истагига кўра Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ҳам битирдим. Олий маълумотлиман, лекин нимадир етишмаяпти менга. Мусиқани жуда ҳам яхши кўраман. Ҳаттоки уйимда фортепианом бор. Болаликдан чалганман, Дубайга борганимда ўзимга гитара сотиб олганман. Мусиқанинг ҳаётимга бошқача таъсири бор эди. Кейин иккинчи мутахассислик бўйича консерваторияда ўқийман, деб бордим. Не-не умидлар билан бориб Дилором Омонуллаева деган инсонга учраб турибманку. Мана шу ери ёмон бўлган. У аёл менга шунақанги ёмон муносабатда бўлганки, мусиқа санъатига бўлган меҳримни сўндириб юборган. Ўша аёл сабабли шу ўқишга бўлган иштиёқим сўниб қолган. Кейин билсам, у аёл жуда кўпчиликка таълим берган профессор экан. Лекин кўплаб эстрада хонандаларининг дилини оғритиб, кўпчиликка зарба берган, кўнглини қолдирган устозлардан бири экан. Мен уларни ёмонламоқчи эмасман. Ижодларини ҳурмат қиламиз. Умрлари узоқ бўлсин, — дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова кўп йиллардан буён автомобиль бошқаради. У кўп марта шошқалоқлиги сабаб тезликни оширгани учун огоҳлантириш олгани ва жарима тўлаганлигини айтган. Бир неча йил аввал эса жиддий йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Ўшанда у тунги соат 03:00 да суратга олиш майдончасидан қайтаётган бўлган. Ўша пайтдаги Nexia автомобили таниб бўлмас даражага келганлиги ҳақида ОАВда маълум қилинганди. Яхшики, актрисага у қадар жиддий жароҳат етмаган.
Актриса асли қашқадарёлик бўлган тадбиркор Марат Ҳамдамов билан оила қурган. Ҳозирда уларнинг Милана исмли қизи бор. Тадбиркор Тошкентда ўтган шов-шувли тўйи 65 минг АҚШ долларига тушгани ҳақида сўзлаб берган.
— Аслида тўйимиз баҳорда бўлиши керак эди. Лекин ўша пайтда қўлимда нақд пулим бўлмаган. Ўшанда ишларим орқага кетиб, юкларим чегарада қолиб кетган. Шунинг учун тўйни кузга қолдирганман. Лекин тўйим бўладиган ноябрдан уч ой олдин ҳам қўлимда нақд пул йўқ эди. Тўйнинг 60 минг доллардан кўпроққа тушиши ҳисобланган. Шаҳзодага айтганман, лекин пулим йўқлигини билса, мени ташлаб кетади, деб ўйлаганман. У синаш учунми, тўйдан олдин менга жуда катта шартлар қўйган. Кейин мўжиза юз берган, бирданига учта лойиҳа буюртмаси тушган ва аванс кўринишида роппа-роса 65 минг доллар беришган. Шундай қилиб, Ўзбекистонга келиб, тўйни ўтказиб, эртаси куни яна Россияга учиб кетганмиз. Ўшанда асал ойи учун Дубайга чипта олинган эди, лекин ишим кўплиги учун Дубай саёҳатини бекор қилиб, Москвага кетишга тўғри келган, — дейди Марат.
Шаҳзода Муҳаммедова турмуш ўртоғининг талабига кўра ижоддан бироз чекингани ва унинг рашкчилиги сабаб кўплаб ролларни рад этгани ҳақида сўзлаб берган.
— Турмуш ўртоғим кўпроқ бошловчи бўлишимни истайди. Негадир кейинги пайтларда рол ижро этишимни умуман истамаяпти. Бунинг боиси актёрлардан қизғонади, ўта рашкчи инсон. Унга қолса ҳеч кимни севмайдиган ёки турмуш ўртоғи бўлмаган аёл ролларини ижро этишим керак. Таклифлар жуда кўп бўлади. Оилам тинчлигини ўйлаб, уларни рад этаман, — дейди актриса.
Бундан ташқари, Шаҳзода Муҳаммедова асосий даромадни дизайнерлик ёки актрисалик фаолиятидан эмас, балки Instagram’даги рекламалар орқали олишини маълум қилган. Актриса саҳифасига кам реклама жойлайди, шунга яраша уларнинг нархи ҳам жуда қиммат.
Изоҳ (0)