Оъзбек балет санъатининг етук истеъдод эгаларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Ҳамроева Гули Раззоқовна 76 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Гули Ҳамроева Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг прима балеринаси, жаҳон ва миллий классик балет спектаклларидаги етакчи партиялар ижрочиси сифатида бутун умрини балет санъатини ривожлантиришга бағишлаган. У 1946 йил Тошкентда туғилган, Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг қизи. 2000−2002 йилларда балет режиссёри, 2002 йилдан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори лавозимида фаолият юритган.
Унинг “Боғчасарой фонтани”, ”Дон Кихот“, ”Эсмералда“, ”Дилором“, ”Севги тумори“, ”Спартак” ва бошқа кўплаб спектакллардаги етакчи партиялари миллий балет хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон халқ артисти Гули Ҳамроеванинг бевақт вафоти муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жамоаси ва вазирлик устоз санъаткорнинг оила аъзоларига ва барча яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Изоҳ (0)