Шимолий Корея биринчи марта “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетасини учирган, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги.
Ракета учирилишига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилик қилган. Унинг таъкидлашича, “Хвасон-18” “мамлакатнинг душман ҳужумига қарши ядровий зарба беришга тайёрлигини” оширади ва “стратегик тийиб турувчи кучлар таркибини тубдан қайта қуриш” имконини беради. Корея марказий ахборот агентлиги ёзишича Ким Чен Ин “парвоз натижаларидан мамнунлигини билдирган”.
Ракетанинг иккала қисми Шимолий Корея қирғоқларидан 10 ва 335 километр узоқликда денгизга қулаган, дейилади хабарда. Мамлакат расмийлари учириш “қўшни давлатлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаган”ини айтган.
13 апрель куни Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР Япон денгизи томон ўрта ёки узоқ масофага мўлжалланган баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берганди. Сўнг Жанубий Корея ва АҚШ разведка идоралари ракета хусусиятларини таҳлил қилишни бошлади. Вашингтон синовлар давомида қитъалараро баллистик ракета учирилган деган хулосага келди.
Изоҳ (0)