Ўзбекистонда булғор қалампири нархи гўшт нархига тенглашгани ҳақида хабар берилганди.
Нега нархлар ошиб кетди? Бу сотувчи ва харидорларга қандай таъсир кўрсатмоқда? Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумот берди.
Маълумотларга кўра, “Юнусобод” ва “Эски Жува” деҳқон бозорларида сотувчилар аввалги йилларда булғор қалампирининг нархи бунчалик юқори бўлмаганини ва бу йилги ҳолат январь ойида республикамизда кузатилган кескин совуқ билан боғлиқлигини таъкидлашмоқда.
Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигидаги бўлим бошлиғи Шавкат Азизовга кўра, бугунги кунда мамлакатда 3 188 та иссиқхона хўжаликлари томонидан жами 6 300 гектар майдонларда сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Жорий йилда иссиқхона хўжаликларида 500 гектарга яқин ер майдонида ширин булғор қалампирлари экилган.
Айни кунларда бозорлардаги ушбу маҳсулот нархининг кўтарилишига январь ойида кескин совуқ бўлгани ва ўсимликнинг вегетация даврида етарли даражада иссиқлик билан таъминлай олинмагани сабабли стрессга тушгани кўрсатилмоқда. Шунинг натижасида етиштириш даври 20-25 кунга кечикди.
Ҳозирда мамлакатдаги иссиқхоналарда аҳолининг эҳтиёжини қондириш, ички бозорларни таъминлаш учун етарли миқдорда булғор қалампирлари етиштирилмоқда. Апрель ойининг иккинчи ярмида булғор қалампирининг нархи барқарорлашиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, иссиқхонада 20 даражали иссиқлик бўлсагина, булғор қалампирлари ўсишда давом этади. Агар ҳарорат бундан пасайиб кетса, булғор қалампирлари стрессга тушиб, ривожланиши секинлашади.
Изоҳ (0)