Хитой ва Россия Эрон билан баллистик ракеталарни ҳаракатга келтиришда фойдаланиладиган асосий кимёвий моддалар бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Politico хабар берди.
Politico нашрининг дипломатларга таяниб ёзишича, бу модданинг берилиши БМТ санкцияларини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланарди. Бироқ Кремлга уруш туфайли тугаётган ракеталар захирасини тўлдиришга ёрдам бериши мумкин.
Россия томонидан ракеталарни қувватлантириш учун ишлатиладиган қаттиқ ёқилғининг асосий таркибий қисми бўлган аммоний перхлорат бўйича музокараларда иштирок этишни “Азонит” кимё компанияси ўз зиммасига олган.
Пекинда музокараларга “Теҳроннинг технология маслаҳатчиси” эронлик дипломат Сажжод Аҳадзода бошчилик қилган.
Дипломатларни қандай Хитой компаниялари жалб қилгани номаълум. Эрон олмоқчи бўлган аралашманинг аниқ миқдори ҳам номаълум. Гап минглаб ракеталарни яратиш учун етарли миқдор ҳақида кетаётгани айтилмоқда.
Эроннинг аниқ бошқариладиган ва қисқа масофали баллистик ракеталарининг аксарияти, хусусан, 700 километр масофага учадиган Zolfaghar қаттиқ ёнилғи двигателларига асосланган. Бундан ташқари, Эрон бу ёқилғидан ўзининг космик дастурлари остида узоқ масофали ракеталарни яратишда фойдаланиши мумкин.
Мамлакат худди Россия каби, асосан, ракета ишлаб чиқаришда ўзини-ўзи таъминлайди, бироқ санкциялар ишлаб чиқариш қувватини чеклайди. Эрон ўзининг ракета захираларини кўпайтиришдан манфаатдор.
Ғарб таҳлилчиларининг фикрича, Хитойнинг Теҳронга аммоний перхлорат етказиб беришни тақиқлаш бўйича БМТ санкцияларини бузишга уриниши Пекиннинг иттифоқдоши Россия истиқболларидан чуқур хавотирда эканини кўрсатади. Тахминларга кўра, Хитой Кремль урушда мағлуб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайди, Пекин бу Россиянинг қулаши ва ундан ҳам кўпроқ беқарорликни келтириб чиқариши мумкинлигидан қўрқади.
Изоҳ (0)