АҚШ Давлат департаменти Wалл Street Journal мухбири Эван Гершковични “ноҳақ ҳибсга олинган” деб эълон қилди, бу журналистни алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга потенциал йўл очади, деб хабар бермоқда WSJ нашри.
Нашрга кўра, Гершкович иши билан Давлат департаменти таркибидаги АҚШ президентининг гаровга олинганлар ишлари бўйича махсус элчиси офиси сифатида танилган бўлим шуғулланмоқда. Бу бўлим бошқа мамлакатларда ноҳақ ушлаб турилган америкаликларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб боради, дея қайд этди газета.
Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия расмийлари Гершковични жосуслик иши бўйича ноқонуний ҳибсга олганига “шубҳа қилмаслигини” айтганди. Блинкен 2 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда шу ҳақда гапирган.
WSJ мухбири Эван Гершкович март ойи охирида Екатеринбургда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати даъво қилишича, журналист гўёки Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотларни тўплаган. Meduza хабарига кўра, Гершкович ҳибсга олинишидан аввал “Уралвагонзавод” мудофаа заводи жойлашган Нижний Тагил шаҳрига борган. Гершкович билан бир вақтда “Уралвагонзавод”да ишлаган нижний тагиллик эр-хотин ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)