Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни ёшлар сиёсати ва спортни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон футболини ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. ФИФАнинг махсус дастури асосида боғча ва маҳаллаларда “Оммавий футбол”, ўрта таълимда “Мактабларда футбол” ҳамда олий ўқув юртларида “Талабалар лигаси” дастурларини жорий қилиш таклифи билдирилди.
Иқтидорли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида 14 та футбол мактаби, “Дўстлик” стадиони негизида барча ёш тоифалари учун Терма жамоалар маркази ташкил этилади. Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти такомиллаштирилиб, Хорватия, Япония ва бошқа давлатлардан мутахассислар жалб қилинади.
Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш учун Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий футбол ассоциацияларининг раҳбарлари этиб белгиланади. Давлат раҳбари бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Изоҳ (0)