Ливан ва Исроил бир-бирининг ҳудудига ракеталар учирмоқда. Бу ҳақда Ал Arabia хабар берди.
Маълум қилинишича, ўнлаб ракеталар Исроил шимолига учган. Бунга жавобан Исроил Ливан жанубидаги шаҳар четига зарба берган. Ижтимоий тармоқларда ҳужум акс этган кадрлар тарқалмоқда. Исроил авиаҳужум оқибатида уч киши жароҳатланганини хабар қилди.
Тасдиқланмаган маълумотларда Исроил томон учирилган ракеталар катта эҳтимол билан Фаластин лагерларидан амалга оширилгани прогноз қилинган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху хавфсизлик бўйича тезкор йиғилиш ўтказмоқда.
Гувоҳлар Исроил қирувчи самолётлари Ливан жануби осмонида қайд этилганини айтмоқда. Ливаннинг эронпараст қуролли ҳаракати “Ҳизбуллоҳ” Исроил кучлари томонидан Ал-Ақсо масжидида фаластинликларга қилинган ҳужум сабабли Исроилга қарши мумкин бўлган “барча чораларни” қўллаб-қувватлаши ҳақида огоҳлантирганди.
“Ҳизбуллоҳ Исроил босқинчи кучларининг Ал-Ақсо масжидига уюштирган ҳужумини ва унинг диндорларга қилган ҳужумларини кескин қоралайди”, — дейилган “Ҳизбуллоҳ” баёнотида.
Исроилнинг ашаддий душмани “Ҳизбуллоҳ” Ғазода ҳукмронлик қилаётган ҲАMAS гуруҳи билан яқин алоқада.
Ливандан Исроилга охирги ракета 2022 йил апрелида учирилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари томонидан қўриқланадиган Ливан ва Исроил ўртасидаги чегара ҳудудида вақти-вақти билан хавфсизлик ҳодисалари содир бўлади.
Кўпгина Ғарб ҳукуматлари томонидан “террорчи” ташкилот деб ҳисобланган “Ҳизбуллоҳ” шиа жангари гуруҳи 1975-1990 йиллардаги фуқаролар уруши тугаганидан кейин ўз қуролларини сақлаб қолган Ливандаги ягона фракциядир.
Эслатиб ўтамиз, 5 ва 6 апрель кунлари Исроил кучлари Ал-Ақса масжидидаги фаластинликларга ҳужум қилди. Полиция фаластинликларни тарқатиш электр токи гранаталари ва резина ўқлардан фойдаланган.
Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ўнлаб “вояга етмаган жиноятчилар” полицияга тош отаётгани, хавфсизлик кучлари эса тартибни тиклаш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлаётганини иддао қилган. Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятига кўра, Исроил хавфсизлик кучлари шифокорларнинг воқеа жойига келишига ва ярадорларга ёрдам кўрсатишига рухсат бермаган. Исроилнинг хатти-ҳаракатлари, хусусан, Иордания ва Миср томонидан қораланган.
Изоҳ (0)