Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 68 ёшли эркак ўз ўғлини саккиз маротаба пичоқлаб, ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги “Қоратепа” маҳалласи Янгиҳаёт кўчасида содир бўлган. Ушбу маҳаллада яшовчи 68 ёшли эркак ҳодиса содир бўлган куни ўз фарзанди билан спиртли ичимлик ичиб ўтирган бўлган. Шу вақт улар ўртасида жанжал келиб чиққан.
Эркак ошхона пичоғи билан ўғлини 8 маротаба пичоқлаган. Марҳум Э.М. бир неча йиллар мобайнида Россияда ишлаб келиб, айнан ўша ҳудудларда ҳам оғир жиноятларни содир этиб, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб келган. У уйига қайтгач ҳам оиласида носоғлом муҳитни яратиб келган: бир неча бор ота-онаси билан жанжаллашган.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида кўрилиб, судланувчига нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ эркак жазони енгиллаштиришни сўраб, судга аппеляция шикоятини киритган. Шикоят мазмунан кўриб чиқилган. Суд иш ҳужжатлари ўрганиб чиқилганидан сўнг суд ҳукми тўғри ва адолатли чиқарилгани инобатга олинган ҳолда ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.
Изоҳ (0)