Украина президенти Владимир Зеленский Украина Қримни қайтариб олишига ишонч билдирмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари 2 апрель кунги видеомурожаатида айтиб ўтди. Шу билан бирга, Зеленский Украинанинг ҳарбий ғалабаси Россия “террорини тўхтатиш” ва хавфсизликни тиклашнинг ягона йўли эканини қайд этди.
“Бугун россиялик террорчилар Донецк вилоятидаги Константиновкага, оддий тураржой ҳудудларига яна зарба беришди. Россиянинг ўққа тутишидан олти киши ҳалок бўлди: уч аёл ва уч эркак. Донбассдаги оддий шаҳарчанинг оддий аҳолиси. Қурбонларнинг оила ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Яна 11 киши жароҳат олди. Россия Константиновкага қарши S-300 ракеталари ва ‘Ураган’ ёппасига ўт очувчи ракета тизимини қўллаган”, — деди Зеленский.
Шунингдек, у 2 апрель куни эрталаб россияликлар Суми вилоятининг Конотоп туманига зарба берганини эслади. Рус ҳарбийлари миномётдан ўқ узиб, икки фуқарони ўлдирган.
“Булар кунига йўлланаётган ўнлаб зарбаларнинг бир нечта мисоллари, холос. Россия террорини тўхтатиш, барча шаҳар ва жамоаларимиз — Суми вилоятидан Донбассгача, Харков вилоятидан Херсон вилоятигача, Киев вилоятидан тортиб то Ялтагача — хавфсизликни тиклашнинг ягона йўли бор. Бу йўл — Украинанинг ҳарбий ғалабаси, бошқа йўл йўқ ва бўлмайди ҳам”, — деди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, охирги истилочи “қочиб кетадиган ёки йўқ қилинадиган кун келади”. “Қрим ҳам яна озод ва хавфсиз бўлади. Украина ўзига тегишли бўлган ҳамма нарсани қайтариб олади”, — деди Зеленский.
Изоҳ (0)