Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев ўзи чақирган мажлисда рўзадорларни рўзасини очишга мажбурлагани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Косон тумани ҳокимининг мажлисда рўзадор фермерларни сув ичишга мажбурлагани айтилгани ортидан Бош прокуратурага мурожаат қилди.
Қайд этилишича, ҳолат бўйича кенгаш раиси ўринбосари Зафар Мустафақулов Бош прокуратурага мурожаат хати йўллаган. Унда дастлаб Конституциянинг 31-моддаси (ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди) ҳамда Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг 4-моддаси (виждон эркинлигини таъминлаш) эслаб ўтилган.
“Мамлакатимизда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган сиёсий жарайонлар пайтида Косон тумани ҳокимининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг кенг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Юқоридагиларни инобатга олиб ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан прокурор назорати ҳужжати қўллаш масаласини кўриб чиқилишида амалий ёрдам беришингиз сўралади”, — дейилади хатда.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё”га маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)