Саудия Арабистони Вазирлар Маҳкамаси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ)га аъзо бўлиш қарорини маъқуллади.
28 март куни қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд раислигида Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бўлиб ўтган. Вазирлар Саудияга ШҲТда мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тўғрисидаги меморандумни тасдиқлади. Мулоқот бўйича ҳамкор мақоми қиролликка ўрта муддатли истиқболда тўлиқ аъзоликни беришдан олдин ташкилот ичидаги биринчи қадам бўлади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон томонидан ташкил этилган. Кейинчалик ушбу ташкилотга Ҳиндистон, Покистон ва Эрон қўшилди.
2022 йил 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича шериклик меморандумлари имзоланиб, Баҳрайн, Кувайт, Малдив ороллари, Мянма ва Бирлашган Араб Амирликларига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)