Халқаро жиноий суднинг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш борасидаги қарори Украина учун муҳим халқаро ҳуқуқий натижага айланди. Бу ҳақда Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги видеомурожаатида маълум қилди.
“Бу — бурилиш нуқтаси. Мазкур босқинчилик якунланиши билан Россия барча жабҳада шубҳасиз жавобгарликка тортилишини англатадиган нуқта”, — дейди Зеленский.
Халқаро жиноий суд (ХЖС) 17 март куни Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар украиналик болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда айбланмоқда. Путин Рим статусини ратификация қилган дунёнинг 123 та давлатидан исталганида трибунал талабига биноан ҳибсга олиниши мумкин. Халқаро жиноий судда сиртдан суд жараёни амалга ошириш мумкин эмас: судланувчига фақат экстрадиция қилинган тақдирдагина ҳукм чиқарилиши мумкин. Яъни Путиннинг иши судда кўриб чиқилиши учун у шахсан Гаагада бўлиши керак, бунинг эҳтимоли жуда паст экани айтилмоқда.
Мазкур қарор Россия ҳукумати ва дипломатлари томонидан кескин танқид қилинмоқда. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ХЖС қарорини “юридик нотавонлик” деб атаган. “Халқаро жиноий суднинг қарори мамлакатимиз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, жумладан, ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам”, — дейди вазирлик вакили Мария Захарова.
АҚШ президенти Жо Байден суд қарорини асосли деб атаган. Германия эса Россия президенти мамлакатга ташриф буюргудек бўлса, дарҳол ҳибсга олишини билдирган. ЖАР “юридик мажбуриятлари”дан хабардор экани ва томонлар билан вазиятни муҳокама қилишини таъкидлаган.
Изоҳ (0)