Шавкат Мирзиёев “Янги Тошкент” лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида нутқ сўзлаётгани тўғрисида хабар берилганди. “Дарё” мухбирининг маълум қилишича, президент пойтахт аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароитга эга, чинакам экологик шаҳар бўлиши кераклигига эътибор қаратган.
Шу мақсадда “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси айнан Янги Тошкент ҳудудидан бошланади. Бунда 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади. Бугун ушбу боғда яхши ниятлар билан 1 минг туп дарахт экилади.
Давлати раҳбари бу ишларнинг давоми сифатида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор фаслида ҳар бир маҳалла ҳудудида 1 мингтадан дарахт экишни таклиф этган.
Сўзининг якунида президент Тошкент Янги Ўзбекистоннинг юксак тараққиёт даражаси ва салоҳиятига ҳар томонлама мос бўлган йирик мегаполисга, дунёдаги энг гўзал ва жозибадор шаҳарлардан бирига айланишига ишонч билдирган.
Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудуди босқичма-босқич кенгайтирилиб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида “Янги Тошкент” лойиҳасини амалга оширилади. Янги Тошкент лойиҳасини амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд — денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ноёб ҳисобланади.
Изоҳ (0)