Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадиони кассасида 17 март куни оломон тўпланиб, тартибсизлик содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 18 март куни Осиё кубоги чемпионатининг ёшлар ўртасидаги U-20 футбол мусобақасининг финал босқичи ўтказилди. Финал ўйинини томоша қилувчи ишқибозлар сони эса стадиондаги ўриндиқлар сонидан анча кўп. Стадионнинг ўзида финал ўйинини томоша қилиш учун чипта сотиб олишга келганлар 17 март куни “Бунёдкор” стадионидаги касса олдида жуда кўп тўпланиб кетган.
Касса олдига жамоат тартибини сақлаш мақсадида ИИО ходимлари жалб этилиб, унинг олди панжаралар билан тўсилган ҳамда фуқаролар навбат билан кириши таъминланган. Бироқ, тахминан соат 14:30 “Ренессанс TV” телеканали мухбири ва телеоператори ИИО ходимлари томонидан тўсилган панжарадан ошиб ўтган, бу эса бошқа фуқароларнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлган.
Қайд этилишича, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларни тинчлантириш мақсадида, мухбир ва телеоператорга панжарадан ташқарига чиқиши лозимлиги тушунтирилган. ИИО ходимлари томонидан мухбир ҳамда телеоператорга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаган ва телеканал техникасига шикаст етказилмаган.
Изоҳ (0)