Америкалик актриса ва хонанда Линдси Лоҳан ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида илк марта она бўлиши ҳақида маълум қилди.
Линдси Лоҳан оқ рангли болалар костюмининг фотосуратини саҳифасига жойлади. “Биз оиламизга янги аъзо келишидан жуда хурсандмиз ва ҳаётимизнинг кейинги бобини интиқлик билан кутамиз”, — деб суратга остига изоҳ қолдирган актриса.
Маълумот учун, Линдси Лоҳан 1986 йилнинг 2 июль санасида АҚШнинг Нью-Йорк штатида туғилган. Линдси Лоҳан 90 йилларнинг охирида “Ота-оналар учун тузоқ” фильмидаги ажойиб ижроси билан миллионлаб томошабинлар қалбидан жой олди. Актрисанинг келиб чиқиши италян ва ирланд илдизларига бориб тақалади. У 3 ёшида моделлик қила бошлайди, параллел равишда турли рекламаларда ҳам суратга тушади.
10 ёшида Линдси “Бошқа дунё” сериалида рол ўйнайди. Лоҳаннинг сўнгги 10 йилдаги биринчи йирик ва чинакам арзийдиган кинодаги роли “Унутилмас Рождество” деб номланган. Фильм 2022 йил ноябрь ойида экранларга чиқди.
Актриса ва араб молиячиси Бадер Шаммаснинг муносабатлари ҳақидаги миш-мишлар илк бор 2020 йилда тарқалган. Кейинчалик Дубайдаги фестивалда кўришган жуфтлик 2021 йилнинг кузида унаштирилганликларини эълон қилди. Актриса бир йилдан сўнг, 2022 йилнинг июль ойида Бадер билан турмуш қурди.
Изоҳ (0)