Украина президенти Владимир Зеленский Донецк вилоятининг Краматорск шаҳрига Россия ҳарбийларининг 14 март куни берган зарбалари оқибатини намойиш қилди.
Маълум қилинишича, Россия ракетаси Краматорск шаҳар марказига келиб тушган. Олтита кўп қаватли уй вайрон бўлган. Камида уч киши жароҳатланган, бир киши ҳалок бўлган. Зеленский оилаларга ҳамдардлик билдирган ва қутқарув ишлари давом этаётганини айтган.
“Ёвуз давлат тинч аҳоли билан курашишни давом эттирмоқда. Бегуноҳ одамларни ҳаётдан маҳрум қилган ҳар бир зарба қонуний ва адолатли жазога олиб келиши керак. Албатта, шундай бўлади”, — деб ёзган Зеленский видео остида.
Украина президенти аввалроқ Бахмут мудофаасини давом эттириш борасида гапириб, бу орқали Россия ҳарбийларининг Краматорскка, Слявянскка олдинга силжишининг олдини олиш мумкинлигини айтганди. Донецк вилояти Бахмут яқинидаги вазият жуда оғир, Россия бор кучларини у ерга тўплаган. Часов Ярдан ташқарига чиқиш русларга Дружковка, Краматорск ва Славянск томон йўл очиши таъкидланган.
Изоҳ (0)