Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Президент вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш масаласига тўхталди. Давлат раҳбари вилоятда 102 минг расмий ишсиз бор эканлигини айтди.
“Ишсизлар Сариосиё (8,2 минг нафар), Шўрчи (8 минг), Олтинсой (7,2 минг) ва Музработда (5,3 минг) юқори. Сариосиёда 8 та, Жарқўрғон ва Қумқўрғонда 7 тадан, Деновда 6 та, Олтинсой ва Шўрчида 4 тадан, жами 43 та маҳаллада тадбиркорлик суст.
Шунингдек, Бойсун, Музработ, Узун, Шеробод ва Шўрчи 4-тоифага, Бандихон, Қизириқ ва Олтинсой 5-тоифага киради. Бу туман ва маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва аҳоли шароитини яхшилаш бўйича етарли имконият ва имтиёзларни қилиб бердик”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент бу борада мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.
Вилоятда 1 июлгача оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 1,1 триллион сўмга қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Жарқўрғондаги Бизнес ва енгил саноат ҳамда Узундаги Қишлоқ хўжалиги техникумлари бўш биноларида 1 минг ўқувчи ўрнига эга мономарказлар ташкил қилинади.
Бир ҳафта муддатда тадбиркорлик суст 43 та маҳаллада микро-марказлар ташкил қилиниб, у ердаги лойиҳаларга яна 80 миллиард сўм имтиёзли кредит йўналтирилади. 1 июлга қадар 118 та оғир маҳаллада касаначилик лойиҳалари бошланиб, 10 минг аҳоли банд қилинади.
2023 йилда меҳнат бозорига кириб келадиган 50 минг Сурхондарёлик ёшларнинг 14 минг нафарига 350 миллиард сўм кредит берилади, 16 минг нафарига деҳқончилик учун ер ажратилади 10 минг нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилади.
Ёрдамга муҳтож 18 мингдан зиёд аёллар касбга ўқитилиб, меҳнат қуроллари учун 15 миллиард сўм, субсидия ажратиш орқали 3 минг нафар хотин-қизлар банд қилинади. Тадбиркор бўлиш истагидаги 10 минг нафар аёлларга 200 миллиард сўм кредит ажратилади 5 минг нафари уй шароитида касаначиликка жалб қилинади.
Шунингдек, 2023 йилда маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш орқали 31 минг аҳоли, касаначиликда салоҳияти бор 212 та маҳаллада янги тизим орқали меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 31 минг аҳоли, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 4 минг аҳоли, 20 минг аҳоли эса, янги касбларга ўқитиб, ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланади.
Изоҳ (0)